Ёғоч ўймакорлиги

Ёғоч ўймакорлиги — ўймакорлик тури, бадиий ҳунармандликнинг қадимий ва кенг тарқалган соҳаси. Ёғочни кесиб, ўйиб, чизиб, заминни тешиб нақш, бўртма шакллар ҳосил қилиб, ёғоч тахтача ва бўлакларини бирбирига улаб, ёпиштириб (асосан панжарали) ҳандасий шакллар, ўсимликсимон тасвирлар, ислимий нақшлар ҳосил қилинади.

Ўзбекистон худудида ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турувчи Тошкент, Хива, Қўқон, Фарғона, Бухоро ёғоч ўймакорлиги шаклланган. Тошкентлик усталар ўйма нақшларда ясси бўртмали, заминсиз чизмани кенг қўллаганлар. Хивада маҳобатли ёғоч ўймакорлиги кенг тарқалган, нақшнинг майдалиги, заминнинг камлиги, ўйноқилиги билан ажралиб туради, бу ерлик усталар ёғочнинг табиий рангини сақлаб қолганлар, бўямаганлар. Самарқандлик усталар замин ва бўртмани локлаганлар. Қўқон, Фарғонада эшик, устунларни чуқур ясси бўртма нақшлар билан безаб, нақш юзасига тўкроқ ранг бериб сўнг локлаганлар. Бухоролик усталар ўйма нақшларни олтин, кумуш суви билан безаганлар, нақш заминини ранглар билан бўяганлар.

19-12-2017