Гиламчилик

Гиламчилик Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистан ҳудудида жуда қадимдан ривожланган (Хоразмдаги археологик қазишлар пайтида милоддан аввалги 1-минг йилликка мансуб гилам намунаси топилган). Гиламчилик билан асосан аёллар шуғулланган, нақш (гул)лар (ислимий, гириҳ, ҳайвон шакллари, турли нарсалар тасвири, уруғ тамғаси ва б.)ни эса хотирада сақлашган. Безакларида йўлбарс ва туя излари, олма гули, узум занги, туя бўйни, қалқон, ўсимликлар ифодаланган, айниқса ҳайвон шохи тасвири кенг тарқалган.

Мужассамотининг берклиги, марказий майдоннинг нақшли ҳошия билан ўралганлиги (йўл-йўл нақшлар бундан мустасно) Ўрта Осиё гиламлари учун хос бўлган, нақшининг аниқлиги, гўзал бўлиши ва рангларининг уйғунлиги уларнинг бадиий қимматини оширган. Асосий ранг қизил ранг ва унинг 2-3 туси бўлиб, кўк, қора, оқ, сариқ ранглар иккинчи даражали бўлган. Рангларнинг моҳирона ишлатилиши билан ифодали тасвир ҳосил қилинган. Бир нақш қисмларини турли кўринишларда бўялиши билан ранг-барангликка ва жозибадорликка эришилган.

Андижон, Самарқанд гиламлари, қорақалпоқлар тўқиган ўтов жиҳозлари бадиий жиҳатдан моҳирона ишланган. Андижон гиламларининг пати қисқа, қалин ва майин бўлган. Самарқанднинг рангдор узун патли жулхирс («айиқ тери») гилами ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Ҳозирда гиламчилик Фарғона водийсида, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари, Қорақалпоғистонда ривожланган. Шунингдек, Самарқанд, Ургут, Қўқон ва Хоразм ҳам гиламчилик марказларидир. Анъанавий гиламчилик ҳунармандлик тури (уйда тўқиладиган) сифатида ривожланмоқда. Самарканд ва Бухоронинг ипак гиламлари ҳам кенг тарқалмоқда.

25-11-2017